КЕКСАЛАР ЭЪЗОЗИ — АСРИЙ ҚАДРИЯТ

Шарқда азал-азалдан катталарга ҳурмат ёшлар тарбиясидаги асосий омиллардан бири бўлиб келган. Ўсиб келаётган авлоднинг кекса кишиларга эҳтироми, уларга ғамхўр бўлиши бизнинг неча минг йиллик қадриятларимиздандир. Қадимги битикларда, халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам бу ҳолат ўз аксини топади. Чунончи, Кайковуснинг “Қобуснома” асарида табаррук ёшлиларни эъзозлаш хусусида алоҳида боб мавжуд.

Унда, жумладан, шундай дейилади: “Эй фарзанд, билғилким, ақл юзасидин фарзандға ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожибдур, нединким, унинг асли ота ва онадур. Ота ва онани нима учун ҳурмат қилурман, деб кўнглингга келтурмағил, билғилки, улар сенинг учун ўлимға ҳам тайёр турадурлар”.

Ҳазрат Алишер Навоий ота-онага нисбатан эҳтиромни янада теранроқ тавсифлайди:

Бошни фидо айла ато қошиға,

Жисмни қил садқа ано бошиға.

Зеро, қадимги юнон файласуфи Фалес айтганидек, сиз катта авлод вакиллари билан қандай муомалада бўлсангиз, болаларингиз ҳам сиз билан шундай муомала қилишини ёдда тутинг.

Шубҳасиз, биз баркамол авлод деганда ҳар томонлама етук, жисмонан ва руҳан соғлом, маънавияти юксак, комил ўғил-қизларни тасаввур этамиз. Комилликнинг белгиларидан бири эса катталарга иззат ва ҳурматда намоён бўлади.

Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз томонидан 2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши ана шундай миллий қадриятларимизнинг бугунги кунда ҳам юксак мақомда давом этаётганини ёрқин ифодалади.

Мамлакатимиз етакчисининг тантанали маросимдаги маърузасини барча юртдошларимиз қатори мен ҳам катта қизиқиш ва мамнуният билан тингладим. Дарҳақиқат, таъкидлаб ўтилганидек, Конституциямизда белгилаб берилган асосий мақсадларимиз барчамизга яхши маълум. Яъни, Бош қомусимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди. Бу тарихий ҳужжатнинг бош ғояси озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, деб белгиланди. Бу ғоя халқимизнинг азалий орзу-умидлари ҳамда бугунги бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунига тўла мос келади. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун муқаддас бўлган миллий ва умуминсоний қадриятларни, ҳар бир кишига дахлдор ҳуқуқ ва бурчларни ўзида мужассам этади.

Мана, йигирма икки йилдирки, олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларни амалга ошириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, ижтимоий адолатни қарор топтиришда Конституция йўлимизни машъаладек ёритиб келяпти. Ўтган йиллар давомида кечган умримиз, эришган муваффақиятларимиз, эришган ғалабаларимиз, мустақил Ўзбекистоннинг бугунги обрў-эътибори, халқаро майдондаги баланд нуфузи шу буюк қомусий ҳужжат – Конституция билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди.

Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам ҳимоя, қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эмин-эркин ифода қилишида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишида, бурч ва масъулиятларини бажаришида бамисоли қалқон бўлиб хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ этилган “ўзбек модели”нинг машҳур беш тамойили мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, тадрижий равнақ топтириш, Ўзбекистонда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг юксак, барқарор суръатларига эришиш, аҳоли фаровонлигини муттасил ошириб бориш имконини бермоқда. Шу давр мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсгани, жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани ва янги – 2015 йилда ҳам ана шундай юксак ўсиш суръатлари кўзда тутилаётгани бунинг тасдиғидир.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” деб номланган маърузасида “Кексаларни эъзозлаш йили” моҳияти ҳақида сўз бораркан, барчамизнинг кўнглимиздаги фикрлар айтилди:

“Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, десак, янглишмаган бўламиз. Соддагина, ўзбекона қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.

Бир ўйлаб кўрайлик, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси” деган мақол ва ҳикматли сўзларимизда қандай чуқур маъно бор.  Ҳақиқатан ҳам, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада албатта, файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлишини барчамиз яхши биламиз.  Шу боис, бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим...”

Ер деб аталган мўъжазгина сайёрамизда турфа халқ ва элатлар яшайди. Улар бир-биридан тили, эътиқоди, ҳатто терисининг рангига қараб ҳам фарқланади. Албатта, ҳар бир миллатнинг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари бор. Лекин дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида ўзбек халқидек нуроний отахону онахонларини эъзозлайдиган миллат ёки элатни учратиш мушкул. Мана, кундалик ҳаётимизда одатий кўриниш касб этган бир ҳолат: эрталаб ўғил ишга, набира эса институтга боришдан олдин хонадоннинг ёши улуғидан дуо олишни унутишмайди. Ёки оила аъзолари дастурхон атрофида ўтирганда ҳам ёши кичиклар бува ва бувисидан олдин дастурхонга қўл узатмайдилар.  Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Азалдан кишилар бир-бирлари билан кўришиб, ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиш асносида, бойлигу мол-дунёсини эмас, биринчи навбатда “Ота-онангизнинг соғлиғи яхшими?” дея саломлашишган. Ахир оиланинг тинч-хотиржамлиги, фарзандлари тарбияси ва бошқа кўплаб омиллар қарияларга боғлиқлигини, уларнинг ҳаётлиги фарзандлари учун энг катта давлат эканини жуда яхши билишган.

Яна оддий бир мисол. Халқимизда “Маслаҳатли тўй тарқамас”, деган пурмаъно нақл бор. Тўй ёки бирон маросимни бошлашдан аввал, албатта, ёши улуғ кишилардан маслаҳат сўралиши ҳам халқимизнинг кексалар ақл-заковатига суянган ҳолда иш кўришининг яққол намунасидир.

Нуроний қариялардаги ақл ва тажриба комил инсонларни тарбиялашда, оила ва маҳалла-кўйда тинчлик-тотувлик, осайишталикни таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади. Ёшлар ҳамиша ҳурмат қилиши лозим бўлган қарияларда шундай маънавий ҳуқуқ борки, бу – ўргатиш ва маслаҳат бериш, тўғри йўл кўрсатиш ҳуқуқи. Бу ҳол эса, ўз навбатида, қариялар мавқеи кишилик жамиятида қанчалар улуғ эканлигидан ҳам далолат беради.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди. Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Уларнинг 3 минг 109 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафари эса фронт ортида меҳнат қилган инсонлар.

Фикримча, 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани, аввало, халқимизнинг миллий қадриятларига, турмуш тарзига жуда мос тушади.

Аслини олганда, оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу баракот киритадиган, хонадонларимизни меҳр-оқибат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам шу мўътабар қарияларимиз, нуроний отахону онахонларимиздир.

Бир сўз билан айтганда, барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимизни ҳар қанча эъзозласак оз. 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши эса уларга нисбатан самимий эҳтиромимизнинг амалдаги ифодасидир. Зеро, биз қайси соҳада муваффақиятга эришмайлик, бу ютуқда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати бор. Демак, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни ҳамиша ёдда тутмоғимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, уларга бор меҳримизни бермоғимизни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз шарт.

 

Иброҳим САИДОВ

Узбекский
Опубликовано: 24.12.2015
Укилди (марта): 2