ҚЎЛИ ЭГРИНИНГ ЙЎЛИ ЭГРИ

 

Қўли эгрининг йўли ҳам эгри бўларкан. Яқинда Жиноят ишлари бўйича туман судида Жавлон Собитовга (исм-шарифлар ўзгартирилди) тегишли жиноий иш кўрилди. Дастлаб Жавлон 1999 йилда, 19 ёшида судланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, амнистия акти билан суд залидан жазодан озод қилинган бўлишига қарамай, ўша йилнинг ўзида яна жиноий ҳаракат содир этиб, судланди. Будан ҳам ўзига хулоса чиқармаган йигит 2004, 2006, 2009 йилларда давомли равишда жиноий ҳаракатлар содир этиб, судлангач, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, ўта хавфли рецидивист деб топилди.

Жавлон озодликка чиқиб ҳам, тузалиш йўлига ўтмади, ўзгармади, бу сафар ҳам жиноят кўчасидан “ризқ излаш”дан чўчимади. Унинг навбатдаги иши ўғирлик эди. У Манзура Ҳакимованинг хонадонига кундуз куни соат 13:30 ларда ғайриқонуний равишда кириб, уйдан  жами 2 миллион 300 минг сўмлик турли хил рўзғор буюмларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинди.

Тажрибали эмасми, ўша куни у уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўғирликка тушган хонадондан электр чойнак, термос, дазмол, дазмол столи, биллур идишлару ошхона чўмичигача, қўйингчи,  қўлига илинган, кўзига яхши кўринганган ҳамма нарсани ўғирлаб кетишга муваффақ бўлди.

Жавлон судда кўрсатма беришича, ўғирлаган идишларининг ичида турган 80 минг сўм пулни ҳам чўнтагига солиб, пулларни йўл ҳақига ишлатишни режалади. Бир муддат ўғирланган нарсаларни қаерга яширишни билмасдан ўйлади-да, хаёлига жияни Дониёрнинг қўшниси Саша келиб, чеҳраси ёришди. Сашанинг уйига борди-да, ўғирлаган буюмларини унинг уйида қолидиришни сўради. Саша бу буюмлар ўғирланмаганми, деб сўраганида, ўзининг нарсалари эканини айтиб, уни тинчлантирди. Кўчадан йўловчи машина топиб келиб, буюмларни олиб кетишини айтди. Зоҳид исмли киракашлик қиладиган таниш йигитнинг машинасини тўхтатиб, унга бир- иккита сотиладиган нарсалари борлигини, Сашанинг уйидан ўша нарсаларни олиб Чиноз деҳқон бозорига олиб боришини илтимос қилди. Ҳайдовчи ҳам рози бўла қолди. Майда-чуйдалар ортиқча даҳмаза бўлмасин деб Жавлон бозор ҳудудидаги дўконлардан бирига кириб, дўконда савдо-сотиқ қилаётган йигитга ўғирлаб олиб чиққан нарсаларини 400 минг сўмга сотиб юборақолди. Уй-рўзғор буюмларини сотиб олган йигит ҳам уларни арзон гаровга олаётгани учун “ўғирланмаганми” деб сўради. Жавлон сотилаётган ҳамма нарса ўзига тегишли эканлигини айтиб, пул керак бўлиб қолганлигини баҳона қилган бўлди. Пулларни хотиржамгина эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Суд мажлисида Жавлон юқоридаги воқеаларни айтиб, айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Қилган ишидан пушаймонлиги, ўғирлаган нарсалар эса, эгасига қайтарилганлиги, қолган 400 минг сўмни ҳам ишлаб қайтариши,  шароити оғир бўлганлиги сабабли яна ўғирликка қўл уриб қўйганлигини айтди. Судланувчи оилавий аҳволини, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, жазодан озод бўлганидан сўнг уйланиб қарамоғида бир нафар ҳали бир ёшга тўлмаган фарзанди борлигини, соғлиғи яхши эмаслигини ҳисобга олиб, суддан қонун доирасида енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Суд мажлисида жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди. Жабрланувчининг айтишича, ўғирлик содир этилган куни айтилган буюмлардан ташқари судланувчи айтганидек, 80 минг сўм эмас, хонадон соҳибасининг 300 минг сўм пули ҳам ғойиб бўлганди.

Жабрланувчи уйини тунаб кетишгани тўғрисида Чиноз тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади. ИИБ ходимларининг тезкор ҳаракатлари билан ўғирлаб кетилган нарсалар эгасига қайтарилади.

Судланувчи ҳисобидан жабрланувчи фойдасига унга етказилган моддий зарар тўлиқ ундириб берилди. Суд ҳукмига кўра, Жавлон Собитов Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 169-моддаси тўртинчи қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан мазкур кодекснинг ушбу моддаси, шунингдек, 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо махсус тартибли колонияларда ўтаттириладиган бўлди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

 

Опубликовано: 04.10.2018
Укилди (марта): 2