НОУТБУКМИ, ЖИНОЯТ ҚУРОЛИ?

Л.У. андижонлик. У муқаддам судлаган, амнистия акти билан жазодан озод қилинган бўлишига қарамай, яна хатога йўл қўйди. Қандай хато экан, дерсиз. Унинг навбатдаги хатоси янгийўллик жияни А.Н.нинг уяли телефонидаги ақадапарастликка чорловчи аудио ва видео ёзувларни кўриш, эшитишдан бошланди. У танишининг телефони хотирасида мавжуд бўлган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материаларни ўзининг “TOSHIBA” русумли ноутбукига ўтказиб беришни сўрайди. Ақидапараст ғояларга бошловчи қўшиқлар шу тариқа унинг шахсий компьютерида пайдо бўлди. Табиийки, бу унинг руҳий оламига салбий таъсир қилмай қолмади.

 Ўшанда 2012 йилнинг куз ойлари эди. Бора-бора унинг шахсий компьютери жиноят қуролига айланди. Л.У. 2017 йил 31 май куни Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига қарашли “Даут-ата” чегара пости орқали Россия Федерациясига чиқиб кетди. Унинг ёнида шахсий компьютери ҳам бор эди, албатта. Ноутбук хотирасида мавжуд бўлган ақидпарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни у мамлакатимиз божхона чегарасидан божхона назоратидан қасддан яшириб, қонунга хилоф равишда ўтказди.

У ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2017 йил 9 июль куни соат тахминан 14-00 ларда Россия Федерациясидан Қозоғистон Республикаси орқали Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига қарашли “Даут-ата” чегара пости яқинига келди.  Л.У. “MERCEDES BENZ” русумли юк автомашинасида ҳайдовчи ёрдамчиси сифатида божхона ҳудудига кириб келди. Ноутбукни йўловчи божхона декларациясига киритмасдан, унинг хотирасида мавжуд ақидапарастликни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни божхона назоратидан қасддан яшириб, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказди.

У шу йилнинг 7 августида яна Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига қарашли “Даут-ата” чегара пости орқали Россия Федерациясига чиқиб кетди. Ҳар доимгидек доимий ҳамроҳи – “TOSHIBA” русумли ноутбуки ёнида эди, албатта.

Л.У. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ёз тунларининг бирида Россия Федерациясидан Қозоғистон Республикаси орқали Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли “Яллама” чегара божхона постига “MERCEDES BENZ” русумли юк автомашинасида ҳайдовчи ёрдамчиси сифатида кириб келди. Доимгидек ноутбукни йўловчи божхона декларациясига киритмасдан, унинг хотирасида мавжуд бўлган ақидапарастликни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни божхона назоратидан қасддан яширишга уринди.

Бу сафар божхона пости ходимлари ҳушёрлик қилиб, йўловчи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясига киритилмай қолган ноутбукни ткширишга муваффақ бўлишди.

Божхона декларациясида кўрсатилмаган, жиноят қуролига айланиб улгурган ноутбук хотираси холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг хотирасида “Маъруза 1” номли папка ичида 60 дона диний мазмундаги маърузалар, “Новая папка” номли папка ичида эса, 9 қисмли диний мазмундаги мультфильм, яна бир папка ичида 258 дона турли хилдаги диний мазмундаги маърузалар борлиги аниқланди. Тегишли тартибда ҳужжатлар  расмийлаштирилиб, диний мазмундаги файллар экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитага юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, Л.У.нинг шахсий компьютеридан олинган материаллардаги маълумотлар қонунга хилоф кўринишда эканлиги маълум бўлди. Жумладан, файллар орасидаги “Урушга кирамиз” номли қўшиқда куч-қувватни сарфлаб жиҳод қилиш, қилич билан ҳукумат ўрнатиш, душманларга бир қарич ер қолдирмаслик, бўрон каби уларни маҳв этишга ундовчи фикрлар, ақидапарастлик ғоялари тарғиб қилинганлиги аниқланди. Бундай материалларни Ўзбекистан Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланганлиги, хусусан, ноутбукдаги шеър, ривоят ва ҳикоялар ўрнатилган тартибда тайёрланмаганлиги сабабли Дин ишлари бўйича қўмита экспертлик гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш ва тарқатишга рухсат этилган диний мазмундаги маҳсулотлар рўйхатига киритилмаганлиги маълум бўлди.

Мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилди ва иш судга оширилди. Судланувчи суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб,  1999 йилдан буён Россия Федерациясининг Свердловск, Пермь, Омск ва Курган вилоятларига Ўзбекистон Республикасидан турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини юк автоуловида олиб бориб сотиш билан шуғулланиб келганлигини айтди. У асосан Ўзбекистон Республикасидан помидор маҳсулотини Россия бозорларига олиб бориб сотиш билан шуғулланган. Тахминан 2010 йилнинг ёз ойларида турмуш ўртоғининг акаси Д.Х. Жанубий Корея давлатидан унга “TOSHIBA” русумли ноутбукни совға тариқасида жўнатади. Судланувчининг айтишича, ўша йилларда ноутбукка қизиқиши бўлмаганлиги сабабли уни унча кўп ишлатмаган. Кейинчалик  намоз ўқишга қизиқиб, диний амалларни ўргана бошлагач янгийўллик жияни А.Н. уйига меҳмонга келиб қолгани, жиянидан телефонида қизиқарли нарсалар бўлса ёзиб беришини сўрагани, шунда жияни турли диний мазмундаги маърузалар, ислом тарихига оид материалларни унинг ноутбукига кўчириб ўтказиб берганлигини айтди.

Шунингдек, суд мажлисида у ўзига тегишли бўлган “TOSHIBA” русумли ноутбукни асосан Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига ва Ўзбекисоан Республикасидан Россия Федерациясига юк олиш ва юк ташиш учун мижозларни топиш, автотураргоҳда бўш бўлган вақтида турли хилдаги қизиқарли киноларни томоша қилиш мақсадида олиб юришини айтди. У ноутбукидаги диний мазмундаги маърузаларни фақат ўзи эшитишини, бошқа шахсларга тарқатмаганлигини, тарқатиш нияти йўқлигини айтди ва қилган иши ноқонунийлигини энди билганлиги, бундан пушаймонлиги, ёшини, оилавий шароитини инобатга олиб енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди. Суд судланувчи Л.У.нинг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари унинг жиноят содир этганликдаги айби, жиноят ишида мавжуд бўлган маъмурий йўл билан ушлаб туриш баённомаси, шахсий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги қарор, аниқланган ҳуқуқбузарлик баённомаси, йўловчи божхона декларацияси, ашёларни кўздан кечириш, санаш ва олиб қўйиш баённомаси ва фото-жадвалли диншунослик экспертизаси хулосаси, гувоҳларнинг дастлабки терговда берган кўрсатмалари ва ишга оид бошқа далилларга асосланиб якуний хулосага келди.

Суд ҳукмига кўра, Л.У.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексинг  246-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан мазкур модда билан ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жазоси тайинланди.

Тайинланган жарима давлат даромади ҳисобига ундирилди. Иш бўйича жиноят қуроли ва ашёвий далил деб топилган ноутбук хотирасида мавжуд бўлган ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи файллар ҳукм қонуний кучга киргач йўқ қилинди ва “TOSHIBA” русумли ноутбук давлат фойдасига мусодара қилинди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 02.10.2018
Укилди (марта): 2