СУВСИЗ ЯШАБ БЎЛАДИМИ?..

СУВСИЗ ЯШАБ БЎЛАДИМИ?..

ёхуд керакли ташкилотдаги кераксиз ишлар

 

Эсимни танибманки, қирли қишлоғимизда ичимлик суви муаммо. Сувсиз яшаб бўладими? Тирик жон борки, яшагиси келса, обиҳаётга интилади. Қақраган қирда ўсган гиёҳ ҳам ёмғир томчиласайди, деб илтижо қилади. Тонгги шабнам унинг жонига оро киради. Қирдаги бойчечакнинг гул очиши учун шабнам ёки кўклам ёмғири кифоя. Қирли қишлоқда яшаётган одамларнинг ҳаёти-чи? Улар сувсиз қандай яшашяпти?

Неча йиллардан буён туманимиздаги кўпчилик қишлоқларда тоза ичимлик суви муаммо бўлиб келмоқда. Матбуотдаги чиқишларимизга лом-мим демай, кўз юмиб келаётган “қулоғи тинч” ташкилотда яқинда текширув ўтказилибди, суд ҳужжати қўлимизга тегди. Жиноятнинг-ку, жазоси бор, жазо берилибди, аммо... негадир шу пайтда инсоф сўзи ёдимизга келаверади. Мутасаддилар қилиниши керак бўлган ишлар бир ёнда қолиб, “кераксиз ишлар” билан шуғулланиши инсофданмикан?

 

Ғалвир сувдан кўтарилиб, суд ҳукми ўқилди. “Сувоқава” давлат унитар корхонаси раҳбари эгаллаб турган лавозимига кўра, мансабдор шахс бўлгани ҳолда, филиал бош ҳисобчиси билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктиб, мансаб мавқеидан фойдаланиб бир қатор жиноий ҳаракатларни содир этгани маълум бўлди. 2016 йил 06 июнь куни Тошкент вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан “Сувоқова” Чиноз тумани филиали ишчи ва ходимларининг иш ҳақи учун келиб тушган корхона ҳисоб рақамидаги пул маблағларини “Сувоқова” Чиноз туман филиали бўлим бошлиғи Қ.Д ҳамда ўзи томонидан етказилган зарарни қоплаш учун жами 239 миллион 900 минг сўмлик ишчи ва хизматчиларнинг ойлик иш ҳақларини Янгийўл тумани суд ижрочилари бўлими ҳисоб рақамига ўтказиб юборади. Бу билан мансабдор шахс ўзига ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этади.

Жиноят иш шундай содир бўлган эди – филиал раҳбари бош ҳисобчи билан ўзаро жиноий тил бириктириб режасини амалга оширишга киришади. Улар нақд пул маблағларини филиал ғазнасига кирим қилинганлиги ҳақида сохта кирим ордерларини тузишиб, сохта тўлов жадвали асосида пулларни гўёки ходимларга тарқатишади. Филиалнинг ишчи ва хизматчилари рўйхатида А.Х.га 5.071.754 сўмлик, Д.Д.га 5.803.389сўмлик, Н.К.га 7.372.552 сўмлик, Б.Б.га 7.213.994 сўмлик, А.Х.га 1.000.000 сўмлик иш ҳақлари берилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Сохта ҳужжатларга, табиийки, сохта имзолар қўйилади. Шу тариқа жами оз эмас, 239 миллион 900 минг сўмлик иш ҳақлари сохта ҳужжатлар асосида мансабдорларнинг ҳамёнига тушади. Бундан ташқари, иш ҳақлари тарқатилгандек қилиб кўрсатилиб, имзо чекилган жами 57.965.299 сўм пул маблағлари берилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритилган ҳисобхона ҳужжатлари мавжуд.

Корхона раҳбари ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, такроран филиал бош ҳисобчиси билан жиноий тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаро А.Э. номига сохта ҳужжатлар расмийлаштиришади. Аслида А.Э. корхонада бир кун ҳам ишламаган.

Терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахс билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, А.Энинг номига банк пластик карточкасини расмийлаштирилади. Банк филиалида юритилган “Жисмоний шахсларга берилган пластик карточкаларни рўйхатга олиш” китобига А.Э.нинг ўрнига имзоларни қалбакилаштириб қўйиб, пластик карточкани қўлга киритишади. “Янги ходим” учун иш ҳақи банк филиалида очилган пластик карточкага ўтказиб борилади, ходим маошини олганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эса, ҳар доимгидек сохта ёзувлар киритилади. Шу тариқа жами 7.843.313 сўмлик пул маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинади.

Корхона бош ҳисобчиси раҳбарнинг топшириғи билан ишчи ва ходимларнинг иш ҳақи учун келиб тушган ҳисоб рақамидаги пул маблағларини, яъни жами 239 миллион 900 минг сўмлик ишчи ва хизматчиларнинг ойлик иш ҳақларини Янгийўл тумани суд ижрочилари бўлими ҳисоб рақамига ўтказиб юбориб, ўзига ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Содир этган жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадини кўзлаган мансабдорлар айбдор нақд пул маблағларини олиб келганидан сўнг, яъни 2017 йилда пул маблағи 30.06.2016 йил куни филиал ғазнасига кирим қилинганлиги ҳақида сохта кирим ордерлари тузишади. Ишчи-ходимларга маошлари тарқатилганлигини тасдиқловчи сохта ҳужжатлар тайёрланади. Устомонликни қаранг!

Суд мажлисида судланувчилар ва гувоҳларнинг ўрсатмалари тингланди. Судланувчилар ўзларини оқлашга уринган бўлсалар-да, судда айбига тўлиқ иқрорлик билдиришди. Ноқонуний хатти-ҳаракатларидан пушаймон бўлишди.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг оилавий шароитини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, содир этган айбининг шакли ва даражасини инобатга олди, албатта. Судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, иш бўйича етказилган зарарнинг ўрни қопланганлиги инобатга олиниб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-модцасига мувофиқ жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қўлланилди. Жиноят кодексининг 56-моддасига мувофиқ, мазкур жиноят ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланди. Кодекснинг 59-моддасига асосан судланувчи Х.А.га жиноятлар мажмуи сифатида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Мазкур жазо

ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган жойларда ўташ  белгиланди.

Хулоса ўрнида мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, қирли қишлоқларга сув етиб бориши учун мутасаддилар ўз ишларини қилишлари керак…

 

Ўзбекнинг боласи

Опубликовано: 29.03.2018
Просмотров: 2